Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков пойтахт Бишкек ҳудудида фавқулодда ҳолат режимини такроран жорий этишга оид фармонни имзолади.
Президент матбуот хизматининг 12 октябрь куни тарқатган маълумотига кўра, бу қарор мамлакат парламентининг уч кун ичида аввал киритилган фавқулодда ҳолат тартиби тўғрисидаги масалани кўриб чиқмагани билан боғлиқ.
Бу гал Бишкекда фавқулодда ҳолат тартиби 12 октябрь маҳаллий вақт билан соат 20.00 дан 19 октябрь соат 07.00 гача киритилмоқда. Жээнбековнинг аввалги фармонида 9 октябрь куни соат 20.00 дан 21 октябрь соат 08.00 гача фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилиши кўзда тутилганди.
Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.
6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй” ва ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчилар, шу жумладан 10 октябрь куни парламент томонидан бош вазирликка тасдиқланган Садир Жапаров, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев (у 10 октябрь куни қайта қўлга олинган) ва унинг тарафдорлари озод қилинган.
Сиёсий кучлар ягона фикрга келолмаётгани учун мамлакатда ҳокимият инқирози ҳамон давом этмоқда. 9 октябрь куни президент Сўўрўнбай Жээнбеков ўз видеомурожаатида вазият барқарорлашиб, янги ҳукумат тайинлангандан сўнг истеъфога кетишга тайёр эканини билдирган.