Бишкекда вақтинча ёпилган ташкилот ва муассасалар қайта иш бошлади

Бишкек манзараси.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда вақтинча ёпилган ташкилот ва муассасалар 12 октябрдан бошлаб қайта очилди.

Давлат рўйхатга олиш агентлигининг билдиришича, Халққа давлат хизмати кўрсатиш марказлари, “Қирғизпочтаси”, архивлар ва бошқа ташкилотлар одатдаги тартибда иш бошлаган.

Бу ва бошқа кўплаб ташкилотлар Қирғизистонда 4 октябрда ўтган парламент сайловидан сўнг вазият мураккаблашгани ортидан вақтинча ёпилган эди.

Шунингдек, 12 октябрдан бошлаб Бишкекдаги барча савдо марказлари ҳам очилди. Улар одатдаги тартибда ишламоқда.

4 октябрда ўтган парламент сайловида ҳукуматпараст партияларнинг ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан мухолифат тарафдорлари оммавий норозилик намойишларига чиқишган эди. Вазият шу кунгача кескин бўлиб қолаётганди.

Вазият кескинлашган кунларда пойтахтни талончилар ва турли жиноятчилардан асосан ёшлардан иборат “Халқ қўшини” ҳимоя қилди.