Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрда аёллар ва ёшлар масаласига бағишланиб ўтказилган видеоселекторда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистонда аёллардан уй хизматчилари тайёрлайдиган марказлар очишни таклиф қилди.
“Бугунги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам уй ишларини қилувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бормоқда. Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан Туркияда уй ишларини бажаришади. Ўзимизда ҳам аҳоли иқтисодий имкониятлари ошган сари бу касб эгаларига бўлган талаб ортаверади. Аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқ. Ана шундай марказларни очишни таклиф қиламан”,- деб иқтибос келтирди Эркинжон Турдимов сўзларидан “Кун.уз” нашри.
Турдимов Самарқанд давлат университети қошида мутахассисларни қайта ўқитиш ва сертификат бериш маркази очишни ҳам таклиф қилган.
Бундан тақшари: “Яна бир таклифим, инновацияга қизиқувчи айрим ёшлар кредит олишга қўрқишади, қайтара олмай қолишларини ўйлашади. Уларга яна мотивация бериш учун, зарур бўлганда кредитларини қоплаб бериш мақсадида ҳар чоракда ўзимизда қолган маблағлар ҳисобидан 1 млрд сўмдан, йилига жами 4 млрд ажратсак. Шунда янгиликка интилган ёшларимизда шижоат пайдо бўлади”,-деган Самарқанд вилоят ҳокими.
8 сентябрда президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни тузиш ҳақида кўрсатма берди.