Қирғизистон президенти вазият тинч йўл билан ҳал қилинишига умид қилмоқда

Президент матбуот хизмати Жээнбеков Бишкекда эканини айтмоқда.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков “барча сиёсий кучлар мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишига ишонч билдиргани” тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизматига унинг матбуот котиби Тўлғаной Стамалиева маълум қилди.

Аввал митингчилар пойтахт марказидаги “Оқ уй”ни (ҳукумат уйи) эгаллаб, президент С. Жээнбеков кабинетигача кириб боришган.

Стамалиева ўшанда Жээнбеков Бишкекда эканини ва соат 02.00гача ўз иш кабинетида бўлиб, барча сиёсий кучлар лидерлари билан юзма-юз учрашувлар ўткизганини билдирган.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар. Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган.

Шундан сўнг пойтахтнинг марказий кўчаларида куч ишлатар идоралар ходимлари билан митингчилар тўқнашуви бир неча соат давом этган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Бишкекдаги тўқнашувларда 130 дан зиёд одам турли жароҳатлар билан касалхонага тушганини маълум қилган.