Франция ва Швециядаги мустақил лабораториялар Германия илтимосига кўра россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг таҳлилларини текшириб чиқиб, немис врачларининг Навальний “Новичок” гуруҳига кирадиган модда билан заҳарланганига оид хулосаларини тасдиқладилар. Бу ҳақда душанба куни Германия ҳукумати баёнот тарқатди.
“Ҳозиргача бир-биридан мустақил бўлган уч лаборатория Навальний “Новичок” гуруҳига кирган асабни фалажловчи моддадан заҳарланганига оид далилларни тақдим этдилар”, дейилади расмий Берлин хабарномасида.
Унда Германия томони Навальнийдан олинган намуналарни Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) экспертларига ҳам йўллагани айтилади. Мазкур намуналар КҚТТ лабораторияларида текширилади.
“Биз Россияни яна бир марта содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ беришга чақирамиз. Биз европалик ҳамкорларимиз билан тиғиз алоқадамиз ва улар билан истиқболдаги қадамларни муҳокама қилмоқдамиз”, дейилади хабарномада.
Шу йил 2 сентябрида Германия ҳукумати бундесвер лабораториясидан олинган маълумотларга таянган ҳолда Навальний организмида “шубҳага ўрин қолдирмайдиган” йўсинда “Новичок” моддаси асоратлари аниқлангани ҳақида маълум қилганди. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия яқин кунлар ичида ўз ҳудудида комага тушиб қолган мухолифатчига нима бўлгани ҳақида аниқ-равшан жавоб бериши лозимлиги, бу иш амалга оширилмаган тақдирда, Германия ЕИдаги ҳамкорлари билан жавоб чораларини муҳокама қилиши ҳақида билдирган. Маас бу чоралар “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳасини ҳам қамраб олиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Аввалроқ немис нашрлари ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, мутахассислар Навальний “Новичок”нинг Солсберида Сергей Скрипалга суиқасдда фойдаланилган туридан бошқа, яъни янги тури билан заҳарланган, деган хулосага келишганини хабар қилган. ГФР разведкаси тахминича, заҳарлаш ҳодисасига Россия махсус хизматларининг алоқаси бўлмаслиги мумкин эмас.
Расмий Москва бир томондан врачлар ва амалдорларнинг Россияда олинган таҳлилларда заҳар асоратлари топилмагани ҳақидаги иддаоларига таянган ҳолда, Навальнийнинг заҳарланганига оид фактни рад қилмоқда. Бошқа томондан Россия Берлин терговга кўмаклашни истамаётганини иддао қилиб, Германиядан Навальнийнинг саломатлиги ва таҳлиллари тўғрисида маълумот тақдим этишни талаб қилмоқда. Айни пайтда Россияда Навальнийнинг заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилган эмас.