Россия ИИВ Германияда Навальнийни сўроққа тутмоқчи

Алексей Навальний.

Россия Ички ишлар вазирлиги Берлинда даволанаётган мухолифатчи Алексей Навальнийни сўроқ-cаволга тутмоқчи. Транспорт полициясининг Сибирь федерал округи бўйича бошқармаси 11 сентябрь куни тарқатган баёнотида Россия ИИВ ўз терговчиларининг комадан чиққан Навальний сўроғида иштирок этишларига рухсат беришни сўраб Германия расмийларига мурожаатнома тайёрлаганини билдирган.

Германия ҳукумати вакили Берлин Москвадан ҳали бу борада расмий хат олмаганини билдирди. Аввалроқ германиялик врачлар Навальний асабни фалажловчи модда билан заҳарланганига оид “аниқ далиллар” мавжудлигини маълум қилганлар, россиялик тиббиётчилар эса заҳарланиш асорати топилмаганини қайд этгандилар.

Навальнийнинг аҳволи 20 август куни учоқда - мухолифатчи Томскдан Москвага учиб келаётган пайтда ёмонлашиб қолган. Ўшанда учоқ Омскка қўндирилган, Навальний ҳушсиз ҳолда касалхонага олиб кетилган. Навальнийнинг яқинлари Германиядаги ноҳукумат ташкилоти кўмагида уни даволаниш учун Берлинга олиб кетишганди. Айни пайтда россиялик мухолифатчи Германия пойтахтидаги “Шарите” клиникасида даволанмоқда.