Германия Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан маълумотларни халқаро ташкилотга топширди

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича жаҳон ташкилоти лабораторияси.

Россия мухолифати лидери Алексей Навальнийдан Берлин клиникасида олинган анализлар намунаси Германия томонидан Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича жаҳон ташкилотига тақдим этилди. Бу ҳақда DPA агентлиги Германия Мудофаа вазирлигига таянган ҳолда хабар берди.

Германия расмийларининг билдиришларича, Россия Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича жаҳон ташкилотига аъзо давлат ҳисобланади. Шунинг учун Берлин Москвага анализ намуналарини тўғридан-тўғри тақдим этмоқчи эмас.

Германия ҳукумати расмий вакили Мартина Фиц Россия ҳукуматини Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан маълумот беришга чақирди.

“Бу Германия ва Россия ўртасидаги муносабатлар масаласи эмас. Бу ерда гап Кимёвий қуролларни тақиқлаш конвенциясига амал қилиш тўғрисида бормоқда”,-деди у.

Бир ҳафта аввал Германия Мудофаа вазирлиги лабораторияси Алексей Навальний Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган “Новичок” кимёвий қуролига ўхшаган модда билан заҳарланганига “шубҳа йўқ экани”ни билдирган эди.

Шундан сўнг Ғарб давлатлари Москвадан Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тергов ўтказишни талаб қила бошлаган. Россия ҳукумати Навальнийнинг заҳарланганига далил-исботлар мавжуд эмаслигини айтиб, тергов ўтказишдан бош тортмоқда.

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.

7 сентябрь куни “Шарите” врачлари Навальний комадан чиқарилганини билдирган. Лекин унинг қачон бутунлай соғайиши тўғрисида маълумот йўқ.