Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг саломатлиги анча яхшиланди. Бу ҳақда Берлиндаги “Шарите” клиникаси врачлари маълум қилишди.
Маълумотларга кўра, Навальний сунъий комадан чиқарилган. Шунингдек, уни сунъий нафас бериш аппаратидан аста-секин чиқариш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Қайд этилишича, Навальний ўзи билан гаплашилган пайтда ишоралар билан жавоб бермоқда.
Врачлар Навальнийнинг заҳарланиши унинг соғлиғи учун узоқ муддатли оқибатларга эга бўлиши мумкинлигини истисно қилаётганлари йўқ.
Навальний 20 августдан бери, яъни 19 кун давомида комада бўлган. У 22 августдан бери “Шарите” клиникасида даволанмоқда, Берлинга уни Омскда олиб келишганди. Омскдаги касалхонага эса Навальний учоқда учиб кетаётиб, ўзини ёмон ҳис қилиб қолганидан кейин ётқизилганди.
Ўтган ҳафта Германия расмийлари Навальний организмида “Новичок” гуруҳига кирадиган заҳарли модда асоратлари топилганини билдиргандилар. Ўшанда Германия канцлери Ангела Меркель Москвани мухолифатчи билан содир бўлган воқеа юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.
Россия расмийлари, Навальнийни Омскда даволаган врачлар сўзларига таянган ҳолда, заҳарланиш версиясига ишонқирамай қарамоқдалар. Россияда мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган эмас.