«Бухоро инқилоби»нинг 100 йиллиги: Бухоро Республикаси бугунги Ўзбекистонга асос бўлган миллий давлат эди!

Жадидларнинг мустақил миллий давлат қуриш уринишлари нафақат Россия колонизаторлари¸ балки минтақадаги қадимчи муллалар ва волиларнинг кескин қаршилигига учради.

2020 йилинг 2 сентябрь куни жаҳон харитасидан Бухоро амирлиги деган давлат йўқолганига 100 йил тўлди. Амирлик вайроналари устида аввалига Бухоро республикаси эълон қилинди ва кўп ўтмай у Россия босими остида Бухоро халқ совет республикасига айланди.

АҚШнинг Миннесота штатидаги Carleton College профессори¸ тарихчи олим Адиб Халид Озодликка тақдим этган мақолалар ана шу санага бағишланган.

Мавзуга алоқадор «Бухоро инқилоби»нинг 100 йиллиги: Амир Олимхон бойлик ва ҳарамига оид афсона ва ҳақиқат

“Ўзбекистон: Миллатнинг туғилиши”¸ “Коммунизмдан кейинги ислом” каби китоблар муаллифи бўлган профессор Халид мақоласининг иккинчи қисмида Бухорода замонавий таълим, мулкни ҳимоя қилиш ва ўзбошимчалик билан бошқаришни тўхтатиш бўйича янги қонунлар ва янги иқтисодий сиёсат жорий этишга уринган миллатчи жадидлар мағлубияти сабабларига тўхталади.

"Бухоро ичидаги қаршилик ва совет давлатининг душманлиги туфайли жадидларнинг уриниши муваффақиятсиз якунланди"¸ деб хулоса ясайди 1924 йилга келиб сиëсаий саҳнадан ғойиб бўлган Бухоро республикаси ҳақида хориж тарихчиси.

***

Мақола муаллифи¸ тарихчи профессор Адиб Халид.

Бундан юз йил олдин, 1920 йилнинг сентябрида Бухоро республика бўлди. Амир Саид Олимхон Бухоро 1920 йилнинг 2 сентябрида Қизил армия томонидан ишғол қилинишидан олдин шаҳарни ташлаб қочиб кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, асосан Бухородан сургун қилинганлардан иборат инқилобий қўмита ҳокимиятни қўлга олди. Қўмита халқ вакиллари съездини тузди. Амирнинг ёзги саройида йиғинлар ўтказган съезд 6 октябрь куни Бухорони халқ совет республикаси деб эълон қилди.

Бу оламшумул воқеалар эди. Республикалар, яъни қандайдир илоҳий қўлловга эга эканлигини иддао қиладиган сулолалар томонидан эмас, балки ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатдан халқнинг иродаси билан бошқариладиган давлатлар замонавий сиёсий тасаввур маҳсули эди. Мусулмон дунёсида биринчи республика 1918 йилда Озарбайжонда эълон қилинди. Туркия Республикаси эса 1923 йилда ташкил топди. Республикалар Иккинчи жаҳон урушидан кейингина мусулмон дунёсида кенг тарқалди. Шундай экан, Бухоро мусулмон дунёсида янги сиёсий легитимлик тури синаб кўрилган дастлабки мамлакатлардан бири эди.

Бу қандай республика эди? У қандай юзага келди ва ким уни бошқарди?

Янги Бухоро ҳукуматини шунчаки шўроларнинг қўғирчоғи сифатида кўриш фикри беихтиёр хаёлга келади. Аммо бундай қараш ҳақиқатдан йироқдир. Янги ҳукуматни тузган бухоролик сургун қилинганлар ўзлари амалга оширмоқчи бўлган ислоҳотлар ҳақидаги қарашлари асосида иш тутдилар. Бу қулайлик иттифоқи эди: сургун қилинганларга совет армиясининг ёрдами керак эди, советларга эса бошқариш учун одам керак эди. Икки тараф турли мақсадларни кўзлаётгани сабабли пировардида иттифоқ амалга ошириб бўлмайдиган бўлиб қолди. Икки тараф кесишиш нуқталари оз бўлган узоқ тарихга эга эди. Келинг, янги ҳукуматни ташкил этган бухороликларнинг келиб чиқишини кўриб чиқамиз.

***

ХХ аср бошларида турли гуруҳлар – савдогарлар, ислоҳотчи уламолар, жадидлар коалицияси Бухорода ислоҳотлар ўтказишга чақира бошлаган эдилар. Улар амирлар замонавий таълим, мулкни ҳимоя қилиш ва ўзбошимчалик билан бошқаришни тўхтатиш бўйича янги қонунларни ва янги иқтисодий сиёсатни жорий этишига умид қилдилар.

Бухорони жаҳонга танитган кўплаб мадрасаларни бошқарган ва «Ислом қалъаси»га янги таълим турларини олиб киришни истамаган уламоларнинг аксарияти ислоҳотчиларга қарши чиқди. Улар таълимнинг янги усулига (усули жадид) қарши чиқдилар. Ўзларини ислом ва анъана ҳимоячилари ўлароқ кўрсатган уламоларнинг амирларга таъсири кучли эди. Амирлар уламолар ёнини олди. Натижада оз ислоҳот ўтказилди ва Бухорода юзага келган бир неча янги усул (усули жадид) мактаб тез орада ёпилди.

Шу сабабдан Бухоро савдогарлари фарзандларига Бухорода олиб бўлмайдиган замонавий таълимни бериш учун уларни бошқа жойларга жўнатишни бошладилар. Шаҳардаги энг бой савдогарлардан бирининг ўғли Файзулла Хўжаев (1896–1938) Москвага мактабга юборилди. Аммо у ўзгача эди.

Бошқалар эса ўғилларини замонавий мусулмон таълими мавжуд бўлган ерларга жўнатишди. Истанбул афзал кўрилган манзил эди. Шаҳар ўша пайтдаги энг қудратли мусулмон давлатининг пойтахти эди ва бутун дунё мусулмонлари уни ислоҳот ва модернизация модели ўлароқ кўра бошлаган эдилар. Қатор бухоролик талаба Истанбулда таҳсил олди, аммо улар орасида усмонлилар пойтахтида тўрт йил (1909 – 1913) бўлган Абдурауф Фитратдан (1886 – 1938) муҳимроғи йўқ эди.

Истанбулда у ислоҳотни ёқлаб бир нечта рисола ёзди. Фитрат ва бошқа бухоролик ислоҳотчилар амир ташаббус кўрсатиб, ҳам Исломни, ҳам Бухоро давлатини ислоҳ қилишидан, бошқарувидаги ҳудудларда замонавий бюрократия, соғлиқни сақлаш хизмати ва иқтисодий режалаштиришни жорий этишидан умидвор эдилар. Фитрат амирга «али ҳазрат падари меҳрибони бухоройиян, подишоҳи миллатпаноҳ» дея мурожаат қилиб, кеч бўлмасидан, «имомларимиз ўрнини [насроний] руҳонийлар, азонимиз ўрнини қўнғироқ ва масжидимиз ўрнини черков эгаллашидан олдин» чора кўришга чорлади. Аммо амир бу таклифларга қизиқиш кўрсатмади.

***

1917 йил февралида Россияда монархия қулади. Эйфория тўлқини Россия империясини қамраб олар экан, бухоролик ислоҳотчилар уларнинг мамлакатига ҳам баъзи ўзгаришлар келишига умид қилдилар. Уларнинг бир гуруҳи Петрограддаги муваққат ҳукуматга телеграмма юборди:

«Биз камтарлик билан янги Россия ҳукуматидан яқин келажакда ҳукуматимизга эркинлик ва тенгликка асосланган ҳолда бошқарув усулини ўзгартиришни айтишини сўраймиз».

Амир ислоҳотларни амалга оширишга рози бўлди ва бу ҳақда апрель ойида манифест эълон қилди, аммо у тез орада фикридан қайтди ва шаҳардаги энг консерватив кучларга таяниб, ислоҳотчиларга ҳужум қилди ва уларга тазйиқ ўтказа бошлади. Жадидлар амирга ислоҳотлар учун «миннатдорчилик билдириш» учун оммавий йиғин ўтказаётганларида уларга қаршилар ҳужумига учрадилар. Юзага келган тўс-тўполон давомида амир кучлари кўплаб жадидни ҳибсга олди ва қолганларини амирликдан қувиб чиқарди. Мир Араб мадрасаси мударриси ва жадид Садриддин Айнийга 75 марта қамчи берилди. Унинг жазоланганидан кейин олинган фотосурати ўша даврнинг рамзий суратига айланган.

Ушбу қатағон ислоҳотчиларни радикаллаштирди. Улар энди ўзларини Ёш бухороликлар (Жавонони Бухоро) деб атай бошлаган эдилар. Ёш бухороликлар янада радикал ечимлар ҳақида ўйлай бошладилар. Рус инқилоби ва совет ҳокимиятининг кўтарилиши улар олдидаги бир вариант эди.

Бухорода ёки Марказий Осиё мусулмонлари орасида социализм ёки марксизм мавжуд эмас эди. Ислоҳотчилар «тараққиёт», «маданият» ва «миллат» асосий атамалар бўлган мусулмон модернизми тилидан фойдаландилар. 1917 йилда амир таъқибига учраганларидан сўнг, Ёш бухороликлар инқилоб ғоясига қизиқдилар. Аммо улар инқилобни ўзларига хос тарзда – ўз мақсадларига эришиш йўлида жамиятни тубдан ўзгартириш йўли ўлароқ кўрдилар. Уларнинг инқилоб ҳақидаги ғоялари совет тузуми ғояларига умуман ўхшамас эди.

1920 йилнинг августида, Қизил армия ўз фаолиятини режалаштирар экан, унинг қўмондони Михаил Фрунзе барча бухоролик сургунларни ягона Бухоро коммунистик партиясига қўшилишга мажбурлади. Аммо партияга киришга мажбурланган бухороликлар коммунистларга айланмадилар ва Бухоро республикасининг йўл тутиши коммунизмдан йироқ эди.

Ревкомга ўша пайтда 24 ёшда бўлган Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилди. Абдулқодир Муҳитдинов эса ревкомнинг котиби бўлди. Иккаласи ҳам шаҳардаги бой савдогарларнинг ўғиллари эди. 1921 йилда Файзулланинг амакиваччаси Усмон Хўжаев республика Марказий ижроия қўмитаси раиси бўлди. Абдурауф Фитрат қайтиб келиб, Иқтисодий ишлар кенгашининг раҳбари, сўнгра Таълим вазири бўлиб ишлади.

Янги ҳукумат кўрган илк чоралардан бири газета ташкил этиш бўлди. Унинг биринчи сонида шундай дейилди: «Бухороли ватандошлар! Озодлиқ ва тенглигингиз муборак бўлсун!»

Сарлавҳа остида Файзулла Хўжаев амирни эксплуатация, коррупция ва «муқаддас юртимиз бўлган Бухоро» эҳтиёжларига бепарволик учун танқид қилган узун мақола эълон қилинди. [Мақолада] коммунизм, Россия ёки 1917 йил ҳақида ҳеч нима дейилмади. Республиканинг бутун ҳаёти давомида шу руҳ сақланиб қолди. Унинг сиёсатида давлатни модернизация қилиш муҳим ўрин тутди, синф эса асосий масала эмас эди.

Республика Бухоронинг машҳур мадрасаларини ислоҳ қилишга, янги усул (усули жадид) мактаблар тармоғини ташкил этишга, иқтисодни тартибга солишга ва ташқи савдо ўрнатишга ҳаракат қилди. Шунингдек, республика бошқа мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатишга уринди: Кобулда элчихона очди, Туркияга дипломатик миссия юборди. Германия ва Туркияга талабалар юборилди. Бу совет қолипидаги инқилобий давлат эмас, миллий давлат эди.

Республика улкан муаммоларга дучор бўлди. Унинг ресурслари чекланган эди. Ва унинг легитимлиги барча фуқаролари томонидан тан олинмади. Амир аввалига Шарқий Бухорога (ҳозирги Тожикистоннинг жанубий қисми) қочиб бориб, исён ҳаракатини бошлади. Бу ҳаракат амир Кобулга кетгандан кейин ҳам давом этди. Маҳаллий беклар / волилар республикани тан олишдан бош тортдилар ва қуролли қўзғолон кўтардилар. Советлар бу қўзғолончиларни «босмачилар» деб атадилар. Қизил армия мунтазам равишда уларга қарши чора кўрди.

Совет ҳукумати Бухоронинг мустақиллигини тан олди, аммо у "Ёш бухороликлар" хоҳлаган ишларини қилишларига йўл қўйишни истамади. Барча карталар советлар қўлида эди. Республиканинг Қизил армия ёрдамисиз яшай олмаслиги аниқ эди. Бухородаги совет «элчиси» хўжайин ўлароқ иш тутди, сиёсат бўйича амрини ўтказишга уринди.

Республика ҳукумати шу тариқа мушкул вазиятга тушиб қолди. Усмон Хўжаев ўзи танлаган йўлдан юрди. 1922 йилнинг февраль ойида, яъни ҳукумат бошлиғи бўлган пайтда у шарқий Бухорони назорат қилиш учун борди. У ерда «босмачилар» олдига бориб, улар билан Душанбедаги Қизил армия гарнизонига ҳужум уюштирди. Қизил армия жавоб қайтарди ва Усмон Хўжаев Афғонистонга қочиб кетди. Прировардида Истанбулга етиб борган Хўжаев 1968 йилда вафот этгунича коммунизмга қарши фаол бўлиб қолди.

Унинг амакиваччаси Файзулла эса бошқача йўл тутди. У Бухоро республикасининг раҳбари бўлиб қолди. 1924 йилнинг февралида – совет ҳукумати Марказий Осиёни миллий-ҳудудий чегаралаш тўғрисидаги ғояни илгари сура бошлаганида, Файзулла Хўжаев Бухоро асосида Ўзбекистон яратиш таклифини ўртага ташлади. Бухоро учун тўла суверенитет қўлга киритиш умиди сўнган эди, аммо СССР таркибида Ўзбекистонни иттифоқ республикаси ўлароқ яратиш бошқача ютуқ эди.

Таклиф муваффақиятли бўлди. 1924 йилнинг 27 октябрда Бухоро республикаси тугатилиб, унинг ҳудуди янги ташкил этилган Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўртасида тақсимланди. Ўзбекистон Бухоронинг аксарият ҳудудини, шунингдек, Туркистондан қўшимча ерларни ҳам ўз ичига олди. Тожикистон унинг таркибидаги автоном республика бўлди.

Бухоро халқ совет республикаси тўрт йилдан сал кўпроқ вақт давомида яшади. Бу Бухоро жадидларининг жуда қийин шароитларда ўз мақсадларини амалга ошириш уриниши бўлди. Уларнинг мақсади большевиклар мақсадидан кескин фарқ қиларди. Бухоро ичидаги қаршилик ва совет давлатининг душманлиги туфайли жадидларнинг уриниши муваффақиятсиз якунланди. Бухоро давлати 1924 йилда тугатилди.