Хитойдаги “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.” фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан урашув чоғида хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қўллаган ҳолда коронавирус инфекцияси билан курашишни таклиф қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 август куни маълум қилди.
Расмий хабарда айтилишича, 4 йўналишда тайёрланадиган анъанавий хитой табобати дориларининг биринчиси – касаллик профилактикасида, иккинчиси – коронавирусни енгил шаклда бошдан ўтказаётган беморларни даволашда, учинчиси – енгил шаклдаги беморларнинг ҳолати оғир ва ўрта оғирга ўтиб кетмаслиги учун парвариш қилишда ва охиргиси – COVID-19дан соғайганларни реабилитация қилишда ишлатилади.
"Расмий маълумотларга кўра, Хитойнинг Хубэй вилоятида коронавирусга чалинган беморларнинг 91,6 фоизи ва мамлакат бўйлаб эса уларнинг 92,4 фоизини соғайишида айнан анъанавий хитой табобати ҳам алоҳида аҳамият касб этган", -деб ёзди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Хитойнинг “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.” фармацевтика ширкати ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат гуруҳ Ўзбекистонда бўлиб турибди.