Украина Беларусдаги элчисини президентлик сайловидан сўнг юзага келган вазият муносабати билан маслаҳатлашув учун чақиртириб олди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба маълум қилди.
Унга кўра, элчи Игор Кизимни чақиртириб олиш қарори Беларус-Украина алоқаларининг бундан кейинги истиқболларини баҳолаш мақсадида қабул қилинган.
“Биз Беларус билан муносабатларимизда биринчи марта бундай қадамни ташладик ва бу ишни Минскнинг мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатлари ортидан амалга оширмоқдамиз”,-деди вазир.
Украина президенти Володимир Зеленский Беларусдаги вазият кескинлашгани муносабати билан махсус хизматлар, ҳарбий қўмондонлар, вилоят ҳокимлари билан ёпиқ эшиклар ортида йиғилиш ўтказди.
Зеленский йиғилишда Беларусдаги вазият Украинага ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтган.
Мазкур йиғилишда муҳокама қилинган масалалар тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинмади.