АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси журналист Бобомурод Абдуллаев тақдиридан хавотир изҳор қилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қирғиз расмийлари томонидан Тошкент сўрови асосида қўлга олинганига оид хабарлардан чуқур хавотирда эканини билдирди.

“Биз унинг ишини диққат билан кузатиб турибмиз”, деб ёзди АҚШ элчиси Твиттердаги ўз саҳифасида 13 август куни.

Жаноб Розенблюмга кўра, Қирғизистон ҳукумати ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Б. Абдуллаевнинг ҳаракатланиш эркинлигини ҳурмат қилиши ҳамда унинг Қирғизистон Республикасидан кўзлаган манзили томон чиқиб кетишига имкон яратиши лозим.

Бобомурод Абдуллаев мавзусига дахлдор учинчи твитида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Д. Розенблюм президент Мирзиёев ўтган йил декабрида Конституция куни муносабати билан ҳамда ундан кейин бир неча бор ирод қилган нутқларида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида маънодор гапларни айтганини эслатиб, Қўшма Штатлар эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари амалдаги демократия учун зарурий, деган фикрга қўшилишини урғулаган.

Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Душанба кунги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус билан мақолалар ёзганини қатъиян рад этган. Айни пайтда “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунти Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши ортидан “Чегарасиз мухбирлар” (RSF), Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now, Norwegian Helsinki Committee (NHC), Human Rights Watch (HRW) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) каби нуфузли ташкилотлар расмий Бишкекни ўзбекистонлик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирганлар.