Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида бўлган Ўзбекистон фуқароларини 2020 йил 1 сентябрга қадар касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш ташкил этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мутассадди ташкилотларга кўрсатма берди.
Қарорга асосан, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарларида ва бошқа ҳудудларда давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан таълим масканларини ташкил этиши шарт.
Бу таълим масканларида “мазкур ҳудудларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилга, айниқса кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан ўқитиш учун жой, ўқув қўлланма ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўйича ўзаро келишувлар тузиш” қарорда белгилаб қўйилди.
Қарорда таъкидланишича, бу ишни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН), “Молодые профессионалы (Ворлдскиллс Россия) иттифоқи ҳамда “бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан кенг ҳамкорлик ўрнатиши” лозим.
“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш харажатларини Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш назарда тутилсин”, -дейилади қарорда.