Самара ва Оренбургдан олиб келинган ўзбекистонликлар карантин зонасига жойлаштирилди

Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди.

Россиядан қайтарилган 918 нафар ўзбекистонлик Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Ҳокимликнинг билдиришича, “Самара—Бузулук—Тошкент—Поп” йўналиши бўйича Россиядан олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик 9 августда Поп темир йўл вокзалида кутиб олинган.

Улар шу жойнинг ўзида Поп тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекциядан ўтказилди.

“Келтирилган фуқаролар республикамизнинг турли вилоятларидан бўлиб, улар Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилади ва 10 кун давомида кузатувда бўлади”, -дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтолмай Оренбург ва Самара вилоятларида тўпланиб қолган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш жараёни бошлангани ҳақида билдирганди.

7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиққани хабар қилинган эди. 7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келиниши билдирилган.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинди.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.