АҚШ: Эрон терроризмнинг 1-рақамли ҳомийсидир

АҚШнинг БМТдаги элчиси Келли Крафт .

АҚШнинг БМТдаги элчиси Келли Крафт Эронни «терроризмни молиялаштирувчи жаҳондаги 1-рақамли давлат» деб атади.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШ кейинги ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашида Эронга қурол-аслаҳа сотишга қўйилган эмбаргони узайтиришни овозга қўйишини маълум қилган эди.

Элчи Крафт Россия ва Хитой кенгашдаги вето ҳуқуқларидан фойдаланса, «терроризмни молиялаштирувчи 1-рақамли давлатнинг ҳомийсига» айланишидан огоҳлантирди.

Крафт Вашингтон Россия ва Хитой «Яқин Шарқда тинчликни сақлаш аҳамиятини англашига» умид қилишини айтди.

Айни пайтда элчи Россия ва Хитой ҳақида гапира туриб:

- Улар ўз чегаралари ташқарисида тартибсизлик, можаро ва тўс-тўполонни тарғиб қилишда давом этади. Шундай экан, уларни бурчакка ҳайдашимиз керак¸деди.

5 август куни Помпео Эронга қурол сотишга қўйилган чекловни узайтириш бўйича АҚШ резолюцияси БМТ Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилишини маълум қилиши ортидан Крафт ва АҚШ Давлат департаментининг Эрон бўйича махсус вакили Браян Ҳук матбуот анжуманини ўтказди.

Анжумандан бир неча соат ўтиб¸ Ҳук истеъфога чиққанини эълон қилди.

Россия ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари 15давлат аъзо Хавфсизлик кенгашида АҚШ резолюцияси етарлича овоз тўпласа, унга вето қўйишини билдирган. Икки вазир ўтган ойда БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ёзган мактубида АҚШнинг Эронга қарши сиёсатини кескин танқид қилган эди.

5 август куни Помпео Эронга қурол сотиш истагидаги давлатлар «навбатга тураётгани», бу ҳолат Яқин Шарқни янада беқарорлаштириши, Европа ва Исроилга таҳдид солиши¸ қолаверса америкаликлар ҳаёти учун хавф туғдиришини айтди.

Вашингтонга кўра, агар амалдаги эмбарго октябрь ойида ўз якунига етганидан кейин Эрон қурол-аслаҳа харид қилишига ва сотишига Хавфсизлик кенгаши тўсқинлик қилмаса, Эронга қарши барча БМТ резолюцияси қайта жорий қилинади. БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувда белгиланган.

Россия, Хитой ҳамда Теҳрон билан эришилган келишувни имзолаган бошқа давлатлар АҚШ ортга қайтиш механизмини ишга солишга ҳақли эмаслигини айтмоқда. Сабаби 2018 йилда Трамп маъмурияти келишувдан чиқиб, Эронга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган. Бунга жавобан Эрон келишув доирасида ўз бўйнига олган мажбуриятларига амал қилишни тўхтатган эди.

Британия, Франция ва Германия Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддати тугаётганидан хавотирда, аммо улар Эроннинг ядровий музокаралардан бутунлай воз кечишига йўл қўймаслик учун муроса топишга уринмоқда.