Трамп АҚШ бизнесига TikTok тармоғини сотиб олишга 15 сентябргача муҳлат берди

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли.

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка шикратларига Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишга 15 сентябрга қадар муддат белгилаб берди.

Трамп 3 августда Твиттер саҳифасида АҚШ технологик гиганти Microsoft TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишига қарши эмаслигини ҳам ёзди.

АҚШ президенти Хитой ижтимоий тармоғи миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблайди. Трампга кўра, TikTok томонидан тўпланаётган маълумотлар Хитой разведкаси учун озуқа бўлиши эҳтимол. Шундан келиб чиқиб, Трамп ўтган ҳафтада АҚШда TikTok фаолиятини тақиқлаш ниятини билдирганди.

Кейинроқ президент Microsoft бош директори Сатя Наделла билан учрашиб, TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилган.

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли. 2 август куни Microsoft TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилиш юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.