Наманганда ишсизларга ажратилган бюджет пулларини мансабдорлар ўзлаштиргани аниқланди

Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Наманганда ишсизларга берилиши лозим бўлган 216,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 204 фуқаронинг жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Ҳужжатларда исмлари акс этган шахслар марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатида ҳам бўлмаган. Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

“Мазкур ҳолат юзасидан марказ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ маҳаллий матбуот 7 июлда Тошкентнинг Сергели туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун хайрия ҳисобига келиб тушган 95,8 миллион сўм “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.