АҚШ расмийлари коронавирус пандемияси қабатида аҳолига бир триллион доллар миқдорида янги ёрдам пакетини ҳозирладилар. Бу ҳақда молия вазири Стивен Мнучин Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилган. Лойиҳада, жумладан, ҳар бир оилага 1200 доллардан бериш кўзда тутилган.
Оқ уй қонун лойиҳаси президент Дональд Трамп томонидан қўллаб-қувватланганини билдирди. 27 июль куни республикачи депутатлар уни Конгрессда тақдим этадилар. Аввалроқ демократлар ўз ёрдам пакетларини таклиф қилгандилар. Мазкур пакет бундан уч баравар қиммат эди. У Намояндалар палатаси томонидан маъқулланган, бироқ республикачилар кўпчиликни ташкил қиладиган Сенатдан қайтган эди.
Пандемия даврида Вашингтон иқтисодиёт ва аҳолини дастаклаш учун ҳаммаси бўлиб қарийб уч триллион доллар ажратган.
АҚШ COVID-19 дан энг кўп зарар кўрган мамлакат бўлиб ҳисобланади. У ерда инфекция юқтириб олганлар сони 4 миллиондан ошиб кетган, 150 мингдан зиёд бемор вафот этган.
Дунё бўйлаб эса шу кунда коронавирусга чалинганлар сони 16,5 миллион нафардан, вафот этганлар сони эса 650 минг нафардан ошган.