Қозоғистоннинг Шўрнақ қишлоғидаги тўқнашувда бир неча киши жароҳатланди

Туркистон вилоятининг Шўрнақ қишлоғида тасвирга олинган видеоёзув сифатида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеодан скриншот.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Кентау шаҳри яқинидаги Шўрнақ қишлоғида қишлоқ аҳли ўртасида содир бўлган муштлашувда уч киши тан жароҳати олди, улардан бирининг аҳволи оғир. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига 23 июль куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишган. Полиция ҳодиса юзасидан суриштирув бошлангани, тўрт киши “безорилик”да гумонланиб, қўлга олинганини билдирган.

Туркистон вилояти полиция департаменти баёнотига мувофиқ, Шўрнақ қишлоғида бир эркак ва унинг қишлоқдошлари ўртасида “муштлашиш чиқиб, безориликка айланиб кетган”. Қайд этилишича, кейинроқ жабрланувчининг уйига номаълум шахслар келиб, “унинг уйи ва қўшни уйларни тошбўрон қила бошлаган”. Натижада уч киши тан жароҳати олган. Ҳодиса жойига етиб борган участка нозири жароҳатланган, дейилади полиция баёнотида.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувда полиция кийимида бўлган эркакнинг кўйлак ва юзларида қон излари акс этган. Унинг ёнида турган кишилар “тошбўрон қилганлар”нинг хатти-ҳаракатини қоралаганлар. Полиция департаменти баёнотида участка нозири қишлоқ аҳли томонидан “ўқотар қурол ишлатилишига йўл қўймаган”и айтилади.

Озодликнинг қозоқ хизмати воқеа юзасидан изоҳ сўраб Шўрнақ қишлоқ округи ҳокимиятига мурожаат қилган. Қўнғироққа жавоб берган ходим изоҳни фақат полиция департаменти бериши, ҳоким ўз жойида эмаслиги, қишлоқ оқсоқоллари билан бирга ташқарига чиқиб кетганини айтган. 23 июль куни ижтимоий тармоқларда тарқаган видеода ҳарбий кийимдаги одамлар ҳамда мактабга ўхшаш бино ёнида турган қишлоқ аҳли тургани акс этган.

Туркистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, шўрнаклик уч киши 21 июль куни Туркистон шаҳар марказий касалхонаси травматология бўлимига етказилган. Улардан 1997 ва 1998 йилда туғилган икки йигит ўртача оғирликда тан жароҳати олган ва уларнинг ҳаёти учун хавф йўқ. 1998 йилда туғилган яна бири кўзидан жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

11 мингдан зиёд одам истиқомат қиладиган Шўрнақ қишлоғида асосан қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.