Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли хусусий “Акфа” университетига Қибрай туманидаги 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб берилади.
Бу борадаги президент қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Муаллифи Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлган қарорда таъкидланишича, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган мазкур боғ Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ балансида бўлган.
“Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарор лойиҳасида “Акфа” университети Корея Республикасининг “Гачон Университети” билан ҳамкорликда тиббиёт йўналишида олий таълим бериш фаолиятини амалга ошираётганлиги, бундан ташқари Германия университетлари билан ҳамкорликда ҳам янги факультетлар очишни режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Шу мақсадда¸ лойиҳага кўра¸ “Акфа” университети умумий қиймати 580 млрд. сўм бўлган инвестиция лойиҳасини амалга оширади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Қибрай туманидаги 29,48 га боғ университетга “замонавий ўқув бинолари, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш учун” бир ой муддатда ўтказиб берилади.
Қарорда Тошкент вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига бу борада кўрсатма берилган.
Тошкент шаҳар ҳокимига қарашли Акфа/Артел ҳолдингига кирувчи ўнлаб ширкатларга Мирзиëев ҳукумати мислсиз имтиëзлар бериб келмоқда.
Хусусан¸ Қибрай туманидаги энг қиммат ердан 30 гектари текинга берилаëтган Акфа хусусий университетига ҳозирга қадар солиқ ва бошқа имтиëзлар берилган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг кенгайиб бораëтган бизнес империяси халқаро майдонда манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг ëрқин намунаси ўлароқ жиддий хавотир ва журналистик суриштирувларга мавзу бўлиб келмоқда.
Бу қарор лойиҳасига муносабат билдирган айрим ўзбек блогерлари Адлия вазирлигини лойиҳани коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишга чақирди.