“Қирғиз темир йўллари” ширкати яқин кунларда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлайди. Бу ҳақда 18 июнь куни ширкат расмий веб-сайтида маълум қилинди.
“Қирғиз темир йўллари” ширкати Бош директори Василий Дашковнинг билдиришича: “Томонлар билан барча масалаларда келишувга эришилган. Қурилишни бошлашга ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпмиз, фақат яна бир нечта музокараларни ўтказиш керак бўлади. Шундан сўнг қурилишни бошлаймиз. Молиявий масалага келсак, Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам кўмак кўрсатишга тайёр. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 миллиард доллар бўлади”.
Унга кўра, темир йўл Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари орқали Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига ўтиб кетади.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси 2000 йилдан бери муҳокама қилиб келинади, лекин шу кунгача бу лойиҳа амалга ошмай қолмоқда.
2017 йилда темир йўл қурилишини тезлатиш мақсадида Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳини ташкил этган эди.