Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган "Тошкент минтақавий пахта терминали" ширкатига қарашли омборхонанинг 1500 квадрат метри ёниб кетди. Бу ҳақда 15 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Расмий билдирувда айтилишича, Хонобод кўчаси 4-уйда жойлашган омборхонада ёнғин 14 июнь соат 18:40 да содир бўлди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига соат 18:45 да етиб борган ва ёнғин соат 21:23 да тўлиқ бартараф этилган. Омборхонанинг 2100 метр квадрат майдони сақлаб қолинган.
Ёнғинни ўчиришга 9 та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган. Ёнғин сабаблари ва ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ вазирлик Андижон вилояти Хўжабод туманидаги “Xo‘jarbod Fayz-M” тикув цехида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берганди. Бу ёнғинни бартараф этишга 13та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган. Ёнғинда тикув цехининг 1200 квадрат метри ёниб кетган.
Ҳар икки ёнғинда одамлар жабрлангани тўғрисида маълумот йўқ.