Пентагон раҳбари намойишларни бостириш учун армиядан фойдаланишга қарши эканини билдирди

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер мамлакатда бир неча кундан бери давом этаётган оммавий намойишларни бостириш учун армия жалб қилинишига қарши чиқди. Норозилик чиқишлари полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган афроамерикалик Жорж Флойд ўлими ортидан бошланиб кетган. Намойишчиларни тарқатиш ва тартиб ўрнатиш учун армия кучидан фойдаланишни АҚШ президенти Дональд Трамп талаб қилаётганди.

Эсперга кўра, 1807 йилда қабул қилинган ва президентга қўшинлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонун фақат энг сўнгги чора ўлароқ, энг хавфли ва танг вазиятдагина қўлланилиши мумкин. Пентагон раҳбарига кўра, ҳозир бу ҳолатларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Эспер бунақа пайтда расмийлар Миллий гвардиядан (қуролли кучларнинг фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган махсус тури) кўмак олганлари энг мақбул вариант эканини урғулаган.

Трампнинг намойишларни бостиришда армия кучидан фойдаланишга оид талаби нотўғри экани ҳақида Пентагоннинг яна бир неча собиқ ва амалдаги раҳбарлари билдирган.

Шундан сўнг Трамп чоршанба оқшомида мамлакат ичидаги норозилик чиқишларини бостириш учун АҚШ қўшинларидан фойдаланишни зарур, деб ҳисобламаслигини очиқлади, дея хабар қилади Reuters.

АҚШда кўпинча тартибсизлик ва талончилик қабатида ўтаётган оммавий намойишларга 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган. У 25 май куни Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан қўлга олингани ортидан ҳаётдан кўз юмганди.

Намойишлар чоғида камида 11 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланган. Расмийлар 40 чоғли шаҳарда комендантлик соати жорий қилганлар. Вазиятнинг таранглашиб кетиш эҳтимолини эътиборга олиб, пойтахт Вашингтонга қўшимча 1,5 мингдан зиёд ҳарбий йўлланган.