Миннесота прокурори афроамерикалик Жорж Флойд ўлимига сабабчи бўлган полициячи Дерек Шовиндан ташқари яна уч нафар полициячига ҳам айблов билдирди. Бу АҚШда бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган норозилик намойиши иштирокчиларининг асосий талабларидан бири эди.
Аввалроқ Дерек Шовин қўлга олинган ва унга “эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабабчи бўлиш” айблови билдирилганди. Намойишчилар босими остида унинг уч нафар шериги ҳам қўлга олинди. Бу полициячилар Дерек Шовин билан биргаликда Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган.
Миннесота бош прокурори Кит Эллисоннинг 3 июнда билдиришича, ҳибсга олинган уч полициячига “қотилликка шерик бўлиш” айблови билдирилган. Бундан ташқари бевосита Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган Дерек Шовинга қўйилган айблов ҳам ўзгартирилган. Эндиликда у “иккинчи даражали қотиллик”да айбланмоқда.
АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.
Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.