Парижда 2 июнь куни минглаб киши иштирокида 2016 йил қўлга олинганидан кейин оламдан ўтган 24 ёшли қора танли франциялик Адам Траоре хотирасига полиция зўравонлигига қарши норозилик намойиши ўтказилди. Коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланганига қарамай, турли ҳисоб-китобларга кўра, намойишда 15 мингдан 20 минг нафаргача одам иштирок этган.
Кўп ўтмай намойиш полиция билан тўқнашувга айланиб кетган. Намойишчилар полициячиларга шиша ва тош отганлар, чиқинди қутиларига ўт қўйганлар. Бунга жавобан полициячилар кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солганлар. Оммавий намойишлар Лилль, Марсель ва Лионда ҳам бўлиб ўтган.
Бу орада АҚШда 26 майдан буён полиция зўравонлигига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Норозилик чиқишлари 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олинганидан кейин оламдан ўтгани ортидан бошланиб кетган. Қатор шаҳарларда намойишлар тартибсизлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган.
Сешанба куни АҚШнинг ўнлаб шаҳрида комендантлик соати жорий қилинди. Президент Дональд Трамп қатор штатлар губернаторларининг ҳаракатсизлигини танқид қилиб, зўравонликка қарши курашда қуролли кучларни ишга солиш билан таҳдид қилди.