АҚШда комендантлик соатига қарамай, норозилик намойишлари давом этди

Вашингтондаги намойишда автомобилларга ўт қўйгани норозиларни полиция таъқиб қилмоқда.

Қўшма Штатлардаги кўпчилик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганига қарамай, 3 июнга ўтар кечаси норозилар саккизинчи тунни кўчада ўтказишди. Норозилик намойишлари тартибсизликларга ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетгани ортидан бир неча кун олдин ўнлаб шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганди.

Бир неча кун олдин Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

Президент Дональд Трамп штатларнинг губернаторларидан тартибни сақлаш учун кўчаларга Миллий Гвардия аскарларини кўпроқ сафарбар қилишни талаб этмоқда. Икки кун аввал Трамп агар губернаторлар тартиб ўрнатиш учун Миллий Гвардияни сафарбар этмаса, у ҳолда намойишларни ҳарбий куч билан бостиришга ваъда берган эди.

Вашингтонда зирҳли арбий машиналар, ҳарбийлар ва полиция кўчаларни назорат қилмоқда.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Трамп 30 май куни Жорж Флойднинг ўлимини мамлакатни ғазабга келтирган ва мусибатга туширган “жиддий фожиа”, деб атаган эди. Трамп норозилик намойишлари “оломоннинг зўравонлигига” айланиб кетишига йўл қўйилмаслигини айтган.