Туроператорлар учун фоизсиз ссуда ажратилади

Жорий йил 1 июнидан 31 декабрига қадар бўлган даврда Ўзбекистондаги туроператорлар ва жойлаштириш воситаларига 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 28 май куни имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда билдирилган.

Қайд этилишича, йил охиригача туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг (жорий йил биринчи чорагидаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи - 2,5 млн сўм) 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда, жойлаштириш воситаларига эса ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида (БҲМ шу кунда 223 000 сўмга тенг) фоизсиз ссуда берилади.

Фармонда 2020 йил 1 июнидан 2021 йил 31 декабрига қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилиши ҳам қайд этилган.