Ўзбекистонда “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда 1 июнидан ички туризмга рухсат берилди. Бу борада президент Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилди.
Ҳужжатга кўра, ички туризм белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда йўлга қўйилиши шарт. Бундан ташқари, фармонда Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда ташқи туризмни босқичма-босқич қайта тиклашга доир таклифлар маъқулланди.
Туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади.
2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади. 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.