Ўзбекистон коронавирус пандемияси ортидан 16 мартдан бошлаб ташқи ва ички туристлар учун ёпилгани оқибатида 1500дан ортиқ туроператор, 1 200 меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.
27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида бу ҳақда гапирган президент Шавкат Мирзиёев, туризмга босқичма-босқич фаолиятини тиклашга рухсат берилишини маълум қилди.
Президент биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.
Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.
Президент матбуот хизатининг билдиришича, Ўзбекистонда ички ва ташқи туризм тўхтатилгани гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди.