Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётгани таъкидлаб, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўл лойиҳасини ҳаётга тезроқ татбиқ этиш зарурати юзага келганини таъкидлади.
Бу мулоҳазасини Э. Ғаниев 20 май куни Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов ҳамда Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигидаги делегация ўртасида видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирди.
Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда, транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чораларни муҳокама қилишган.
Учрашувда, хусусан, ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келиш, лойиҳалаш ва қурилиш ишларида қўлланилаётган техник стандартлар, лойиҳани молиялаштириш манбалари ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилган.
Видеоанжуманда сўзга чиққан Элёр Ғаниев, санитария-эпидемиология стандартлари шартларига мувофиқ, деярли барча транспорт турларида юк ташувларига чекловлар қўйилаётганини қайд этган.
“Карантин чоралари туфайли давлатларимиз ўртасида автомобилда юк ташувлари чекланган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар фонида энг хавфсиз, ишончли транспорт воситаси эса темир йўл бўлиб қолмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзи ҳам мазкур лойиҳани ҳаётга тезроқ татбиқ этиш зарурлиги кўрсатмоқда”, деган транспорт вазири Э. Ғаниев.
Анжуманда Хитой ва Қирғизистон томони мазкур темир йўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича берган таклифлари атрофлича муҳокама қилинган. Томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келиш юзасидан, ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатларини яна бир карра кўриб чиқишга ва келаси ҳафта худди шу форматда учрашув ўтказишга келишиб олганлар.