Евросиё иқтисодий иттифоқига кирувчи давлатлар – Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия президентлари ташкилотнинг яқин беш йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини қабул қилишдан бош тортди.
19 май куни Евросиё олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция тарзида ўтган йиғилишида, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев стратегия лойиҳасининг айрим бандлари “қайта ишланишга муҳтож”эканини айтди.
Тоқаевнинг айтишича, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида қонунчиликни уйғунлаштириш ва унификация қилиш, божхона, истеъмолчилар ҳуқуқи каби соҳаларга оид боблар ҳукуматлар ва парламентларнинг суверен ҳуқуқлари чекланишига сабаб бўлиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин эса иттифоқнинг мувофиқлаштирувчи органи бўлган Евросиё иқтисодий комиссиясининг ташкилотчилик ролини мустаҳкамлашни таклиф қилди.
Айни пайтда йиғилишга раислик қилган Беларус президенти Александр Лукашенка Тоқаевни қўллаб-қувватлади ва стратегияни кейинроқ қайта кўриб чиқиш масаласини кўтарди.
Евросиё иқтисодий иттифоқи 2015 йилда Россия, Беларус ва Қозоғистон иштирокида ташкил этилган эди. Кейинроқ бу ташкилотга Арманистон ва Қирғизистон қўшилган. Ўзбекистон мазкур иттифоқда кузатувчи мақомида иштирок этиш масаласини кўриб чиқмоқда.