Самарқандда коронавирусга чалинган бемор оламдан ўтди, қурбонлар сони 11 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидан бўлган, коронавирусга чалингани тасдиқланган Ў. исмли бемор 13 май куни оламдан ўтган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, тойлоқлик эркак бемор 9 май куни бурнидан қон кетиши ва умумий аҳволи оғирлиги кузатилганлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилоят филиали реанимация бўлимига ётқизилган, ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Марҳум сурункали бўйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида бўлгани, унга иккинчи гуруҳ ногиронлик ҳам белгилангани қўшимча қилинади.

“Шу йилнинг 28 апрелидан 5 майигача у юқорида келтирилган ташхис билан тиббиёт муассасасида даволанган, мунтазам режали диализ сеансларини олиб келган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатимиздаги нуфузли мутахассислар билан бирга хорижлик шифокорлар томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган”, дейилади хабарномада.

ССВга кўра, мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтириб олганидан кейин оламдан ўтганлар сони 11 нафарга чиққан.

Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони, 13 май соат 23:00 ҳолатига кўра, 2612 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 2076 нафари эса соғайиб кетган.