Германия полицияси мамлакатнинг бир неча шаҳрида ўнлаб киши коронавирус пандемияси чекловларига қарши норозилик билдиргани учун ҳибсга олинганини маълум қилди.
Бунга 9 майдаги айрим намойишлар чоғида зўравонликлар қилингани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Берлин полицияси хабар беришича, собиқ Шарқий Берлиндаги энг йирик марказий майдон – Александрплацдаги намойиш вақтида полиция ходимларига шиша ирғитгани учун 86 киши ҳибсга олинган. Камида бир ходим яраланган.
Мамлакат ғарбидаги Дортмунд шаҳрида полиция норозилик намойиши вақтида бир киши телевидение ходимларига ҳужум қилгани, бу Германияда сўнгги 2 ҳафтада уюштирилган учинчи ҳужум эканини билдирди. Ҳужум қилган 23 яшар йигит қўлга олинди.
Кёлнда полиция айрим норозилик билдираётган кишилар харидорларни дўконларга кирганда ниқобни ечишга даъват қилганини айтди.
Мюнхенда норозилик билдирувчиларни инфекция юқиш хавфини камайтириш учун ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя қилишга даъват этиш учун полиция овоз кучайтиргичлардан фойдаланди.
Норозиликлар Германия сўнгги ҳафталарда пандемия билан боғлиқ чекловларни аста-секин енгиллата бораётганига қарамай юз бермоқда.