Яшил зона, деб эълон қилинган Навоийда коронавирусга чалинган 6 бемор аниқланди

Коронавирусни аниқлаш учун ишини давом эттираётган ҳайдовчилар тана ҳарорати ўлчанмоқда, апрель, 2020

4 май куни коронавирусдан холи ҳудуд, деб эълон қилинган Навоий вилоятида вирусни юқтириб олган 6 киши аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, янги беморлар 9 май куни аниқланган.

9 май куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган 24 киши аниқланган бўлса, буларнинг 6 таси Навоий, 12 таси қизил зона бўлиб қолаётган Тошкент шаҳри ва яна 6 таси қизил зона, деб белгиланган Самарқанд вилоятида аниқланган.

Махсус комиссиянинг 5 майдаги қарорига кўра, республиканинг турли вилоятлари, туманлар ва шаҳарларда эпидемиологик вазиятга кўра, карантин чоралари юмшатилмоқда.

Айни пайтда, агар аҳвол ўзгарса, қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳудудларда карантин чоралари яна кучайтирилиб, ҳаракат ва фаолият турлари чекланиши ёки тақиқланиши мумкинлиги айтилган.

10 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 2387, тузалганлар 1856 киши, 10 бемор вафот этди.