Британия жаҳонда коронавирусдан ўлим ҳолати бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқди. Бу мамлакатда коронавирусга чалинган беморлардан камида 30 минг нафари вафот этди.
Сўнгги бир сутка давомида Британияда 6 минг кишига коронавирус юққан, 649 киши ўлган. Британияда коронавирусга чалинганлар сони 201 мингдан ошиб кетди. Беморлардан 30 минг 76 нафари ўлди.
Сўнгги кунларда Британия ҳукумати аҳолини коронавирус тестидан ўтказиш амалиётини кучайтирди. Ҳукумат кунига камида юз минг киши тестдан ўтказилишини ваъда қилмоқда. Лекин бунга ҳалигача эришилгани йўқ. Тиббиёт ходимлари кунига 70 минг одамни текширишга улгурмоқда.
Яқин вақтгача коронавирусдан ўлимлар ҳолати бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб келган Италия айни пайтда учинчи ўринда бормоқда. Бу давлатда 29 мингдан кўпроқ бемор вафот этган.
АҚШда эса, сўнгги маълумотларга қараганда, коронавирусдан ўлганлар сони 71 мингдан ошди. Бу мамлакатда коронавирус юққанлар сони 1 миллион кишидан кўпроқ.