Карантин тадбирлари боис Германияда қолиб кетган ўзбекистонликлар президент Ш.Мирзиёевга мурожаат қилиб, ундан ватанга қайтиш учун чартер рейси ташкил қилиб беришни сўрамоқдалар.
Мурожаатчиларга кўра, март ойи ўрталарида чекловлар киритилганидан бери ЕИ мамлакатларида қанча ўзбекистонлик қолиб кетгани маълум эмас, бироқ биргина Германиянинг ўзида бундайлар сони 150 кишидан ошади.
“Биз 40 кундан буён Германияда Европа томонидан ваъда қилинган чартер рейсини кутяпмиз. Кўпчилигимиз ТИВ, Хусусий туристик ташкилотлар ассоциацияси, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига қўнғироқ қилдик. Ҳамма жойда: “Ҳозирча бизда бу борада расмий маълумот йўқ” деган жавобни беришяпти”, дея иқтибос келтиради Германиядаги ўзбекистонликлар сўзларидан Podrobno.uz нашри.
Юзага келган вазият туфайли улар Ўзбекистон президентидан Франкфуртдан Тошкентга чартер рейси ташкил этиб беришни илтимос қилганлар ва ҳатто ватанга қайтгач, 14 кунлик карантинга ҳам рози эканларини баён этганлар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги апрель ойи охирида хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун янги чартер рейслар ташкил этиш ҳақида ҳозирча бирор гап йўқлиги, бунга оид алоҳида қарор Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилиниши мумкинлигини билдирганди.