Ўзбекистонда эпидемия шароитида иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ўртасида ишсизлик ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш учун иқтисодиётнинг қатор йўналишлари фаолиятига рухсат берилмоқда.
Мазкур тартиб Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг мамлакат ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика субъектларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Фаолиятига рухсат берилган субъектлар қаторида қуйидагилар бор:
- қурилиш материаллари бозорлари, шу жумладан, қурилиш материалларининг чакана ва улгуржи савдоси фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар (майдони 500 кв.метрдан кам бўлмаган);
- йирик ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган ҳудудлардаги тармоқ дўконлари (санитар нормаси 10 кв.метрга 1 нафар харидор тартиби асосида);
- ҳунарманд ва усталар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш фаолияти;
- уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари (мулкчилик шаклидан қатъи назар);
- тижорат банкларининг объектлардаги шохобчалари (кассалари);
- автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари (мулкчилик шаклидан қатъи назар);
- автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига сервис хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – 1000 кв.метрдан кам бўлмаган майдонга эга субъектлар, шунингдек, вулканизация хизматлари кўрсатувчи субъектлар;
- кимёвий тозалаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари;
- нотариал идоралар ва суғурта компаниялари.
Айни пайтда тўхтаб қолган инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ишларини давом эттиришга ижозат берилган.
Коронавирус тарқалаётган бир шароитда ушбу корхона ва ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият юритиши ҳамда қатор объектларда қурилиш ишларини давом эттириш санитария-эпидемология талаблари асосида юритилиши кераклиги белгиланган.