Google илк чорак учун Ўзбекистонга 85 минг евро ҚҚС тўлади

Жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хорижий компаниялардан 9 таси Ўзбекистон ҳудудида ихтиёрий солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, булар Google Commerce Limited, Google Ireland Limited, Google Voice Inc, Apple Distribution International Limited, Netflix International B.V., Samsung Electronics Co., Ltd., Сleverbridge AG, Xsolla (USA), Inc. ва Activision Blizzard International BV каби ширкатлардир.

Бу каби ширкатларни рўйхатга олиш учун ДСҚ томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – http://tax.uz яратилгани айтилмоқда.

Қўмита ҚҚС бўйича биринчи тўлов “Google Commerce Limited” компанияси томонидан амалга оширилганини қайд этган. Ширкат жорий йилнинг I-чораги якунларига кўра давлат бюджетига 85 минг евро миқдорида маблағ тўлаган.