Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Асака тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.М,, фермер хўжалиги иш юритувчиси Х.Х., дан 10 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура 23 апрель куни маълум қилди.
Расмий маълумотда айтилишича, инспекция бошлиғи фермер хўжалигига тегишли бўлган 44 гектар ерга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўлиқ экилмаган ва шунинг учун ерни тортиб олиб қўйиши мумкинлигини айтиб, фермердан 10 минг доллар пора талаб қилган.
Фермер Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ариза билан мурожаат қилган. Вилоят прокуратураси департаменти ва ДХХ томонидан ўтказилган қўшма амалиёт пайтида инспекция раҳбари 10 минг доллар пулни агроинспекциянинг маъмурий биноси ёнидаги қассобхона сотувчиси орқали олаётганида қўлга тушган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Б.М.,га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий маълумотда.