Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманига кириш ва чиқиш чекланди

Бундан аввал ҳам қатор туманларга кириб-чиқиш ёпилган эди.

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманига кириш ва чиқиш 24 апрель соат 06:00дан бошлаб чекланди.

Zarnews.uz нашрининг хабар беришича, қарор туман ҳокимлиги томонидан “Коронавирус пандемиясига қарши курашишга қаратилган карантин тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида” қабул қилинган. Тойлоқ туманида 200 мингдан кўпроқ одам истиқомат қилади.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, Тойлоқ туманида қишлоқлараро ҳаракат ҳам чекланган.

“Махсус рухсатномаси борлар, озиқ-овқат дўконларига маҳсулот етказаётган уловлар, шунингдек, тез ёрдам машиналар фақат битта йўл орқали текширувдан ўтказилиб, қишлоқларга кирмоқда” деб ёзди Kun.uz.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби кучайтирилиб, мазкур шаҳарларга кириш ва чиқиш ёпилган эди.

13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилди.

Бунга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда 12 та вилоятнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар ҳам карантинга олиниб, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланган эди.