Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлигининг билдиришича, келишувга биноан, Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳамда Ўзбекистонда ишлаётган қозоғистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланади.
“Хусусан, мигрантлар меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган тан жароҳати олганда, касб касаллигини орттирганда ёки фаолияти натижасида соғлиққа қандайдир зарар етказилганда, бепул тиббий ёрдам кафолатланади. Шунингдек, ходимга етказилган зарар учун компенсация берилади”, дейилади расмий билдирувда.
Бундан ташқари, битимда педагогик, тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган меҳнат муҳожирларининг тегишли маълумотга эга эканини тасдиқловчи ҳужжатларини тан олиш, пенсия ва ижтимоий таъминот олиш каби масалалар ҳам назарда тутилган.