Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилади. Бундан тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйлари хизматчилари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлар мустаснодир.
Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, мазкур тартиб ҳукуматнинг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (2020 йил, 16 апрель) асосида жорий қилинмоқда.
Қарорга мувофиқ, бюджет ташкилотларида асосий воситаларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар жорий йилнинг 1 июлига қадар тўхтатилади ва ушбу мақсадлар учун II чоракда режалаштирилган маблағлар қисқартирилади ёки 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказилади, шунингдек, коммунал хизматлар, озиқ-овқат, қоғоз ва бошқа канцелярия товарлари харид қилиш, тадбирлар ўтказиш, жорий таъмирлаш ва бошқа харажатлар қисқартирилади.