Ўзбекистонда ун нархи ошгани яна бир бор рад этилди

Андижоннинг Асака туманида унга навбатда турган аҳоли.

Биржа савдосида бир килоси ўртача 2494 сўм бўлган уннинг нархи сўнгги ҳафтада 23 сўмга арзонлади ва 2471 сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда 16 апрел куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Товар-хом ашё биржаси” ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Тиллабоев маълум қилди.

Унга кўра, 16 мартдан бошлаб ун бозорида талаб кўпайган. Март ойида ун бўйича биржа савдоларида ўртача 1 800 та харидор иштирок этган бўлса, 16 апрелга келиб уларнинг сони ўртача 4500 нафарга етган.

"Шу муносабат билан унга бўлган талабни тўлақонли қондириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, «Ўздонмаҳсулот» АК, «Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси» АЖ билан биргаликда март ойида биржа савдоларига қўшимча 19 минг тонна ун маҳсулоти қўйилди. Айни пайтда биржа савдоларига ҳар куни ўртача 6 900 тонна биринчи навли ун қўйилмоқда. Буларнинг натижасида кўриб чиқилаётган даврда уннинг ўртача ҳафталик котировкаси, яъни нархи бир килограмми учун 2 494 сўмдан 2 471 сўмгача пасайди”, деди Ҳикматилла Тиллабоев.

Айни пайтда, Озодликка Ўзбекистон аҳолиси билдираётган хабарларда бир ҳафта аввал бир қопи 170-180 минг сўмдан сотилган Қозоғистон уни нархи 200 минг сўмдан тепага кўтарилгани айтилмоқда. Нархи четдан келувчи қозоқ унидан деярли тенг яримга арзон бўлган маҳаллий ун эса дўконларда тақчиллашган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда озиқ-овқат захиралари етарли экани, карантин даврида нарх-наво оширилишига йўл қўйилмаслиги, нархларни оширганлар маъмурий¸ ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида билдириб келмоқда.