Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари 16 апрель куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга томорқадан унумли фойдалана олмаганларни жаримага тортиш тўғрисида ўзгартиш киритиш масаласини муҳокама қилди.
Парламент матбуот химзатининг билдиришича, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан ушбу кодексни янги 651-модда билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унга мувофиқ, томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида томорқага экин экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилиши, кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланган. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, жарима миқдори уч баравардан беш бараваргача оширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида томорқаларга экин экилишини ва ундан йилига 2-3 марта ҳосил олинишини қатъий назоратга олиш тўғрисида кўрсатма берган эди. Йиғилишда президент томорқасига экин экмаганларни "юртга хиёнат қилганлар" деб атаган.