Красноярскда 14 ёшли ўсмир террорчиликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Россия федерал хавфсизлик хизмати - ФСБнинг жамоатчилик билан алоқалар маркази 16 апрелда маълум қилди.
Дастлабки терговда аниқланишича, ўсмир январь ойида қўлбола бомба ва қурол воситасида ўз мактабида теракт уюштиришга қарор қилган. У қўлбола бомба ва милтиқ ясаш бўйича инструкцияни интернетдан топган.
ФСБ ходимлари ўсмир яшайдиган уйдан 16-калибрдаги қўлбола милтиқ, йигирмага яқин ўқ ва тўртта қўлбола бомба топишган.
Терговнинг билдиришича, ўсмир терактни апрель ойида содир этишни мўлжаллаган. Уни бу ишга нима ундагани тзғрисида маълумот берилмаган. Айни пайтда Жиноят кодексининг террорга тайёргарлик, террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун таълим олиш ва портловчи модда тайёрлаш моддалари асосида жиноят иши очилди.Ўсмир ҳибсда сақланмоқда.
Россия тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин бу ишни ўз назорати остига олган.