Жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш муддати автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. Бунинг учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди.
Бу ҳақда президентнинг 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.
Адлия вазирлигининг билдиришича, бу чоралар орқали яна 120 мингдан кўпроқ кам таъминланган оила қамраб олинади. Ҳозирда бу каби нафақа ва моддий ёрдамларни олаётган оилалар сони 600 мингта.
Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Шунингдек, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади.
Бунинг учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Бундан ташқари, президент фармонида шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги ҳам қайд этилди.