Пандемия даврида аҳолининг бир қисмига ва тадбиркорларга имтиёзлар берилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 150 нафарга етди.

Ўзбекистон президенти коронавирус пандемиясига оид яна бир фармонни имзолаши режалаштирилмоқда. Ҳужжат пандемиянинг иқтисодиётга ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.

Президент матбуот хизматининг 30 мартда билдиришича, айни пайтда “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама қилинмоқда.

“Президентимиз фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди”, дейилади расмий хабарда.

Лойиҳа президент топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.