Россия либерал-демократик партияси лидери Владимир Жириновский тожли вирус туфайли Марказий Осиё давлатларининг ҳаммаси билан чегараларни ёпиш таклифи билан чиқди.
Жанжалкашлиги ва миллатчилиги билан танилган рус сиёсатчисига кўра, Хитой янги вирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда карантин чораларини кўришда кечиккан.
“Биз учун ҳатто Хитойнинг ўзи ҳам энг хатарли эмас – у ердан келаётганларнинг ҳаммаси шундоқ ҳам қаттиқ назорат остида – биз учун марказий осиёлик қўшниларимиз хавфли. У ёқда медицина ва назорат ночор, аммо уларнинг ватандошлари Хитойга ҳам, Россияга ҳам тез-тез келиб кетади. Шунинг учун биз Хитой билан ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам Россиянинг бутун чегараларини ёпишимиз, у ёқдан миграцияни муайян вақтга тўлалигича тўхтатишимиз лозим. Ҳа, иқтисодий йўқотишлар бўлади, бироқ биз одамларни сақлаб қоламиз – бу эса энг муҳими”, деб ёзди Жириновский ўз Телеграм каналида.
Аввалроқ Россия коронавирус юқтирган хорижликлар мамлакатдан бадарға қилиниши мумкинлигини маълум қилганди.