Яманда ракета ҳужуми оқибатида шанба куни ҳукумат кучларининг камида 70 нафар аскари нобуд бўлди. Ҳужум Ҳусий исёнчилари томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.
Ракета зарбаси Мариб вилоятидаги ҳарбий лагерга берилган. Қайд этилишича, ракета намоз чоғида масжидга бориб теккан. Қурбонлар сони аниқ эмас. Бу сон манбалар айтган 70 нафардан кўп бўлиши ҳам мумкин.
Яманнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган президенти Абд Раббу Мансур Ходий зарбани “қўрқоқларча террор ҳужуми” деб атаб, Ҳусий радикал шиа гуруҳи ортида Эрон турганини урғулади. Ходийни эса Ямандаги қонли урушда Саудий Арабистони ва минтақадаги қатор давлатлар дастакламоқда.
Яманда фуқаролар уруши 2014 йилдан бери давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган давр ичида бу уруш 100 мингдан кўпроқ кишининг ёстиғини қуритган.