16 январда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавровни қабул қилди.
Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, учрашув аввалида Ўзбекистон президенти стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.
"Олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради", дейилган расмий хабарда.
Айтилишича, Сергей Лавров самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирган ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг дилдан саломларини етказган.
"Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди" дейилган расмий хабарда.
16 январь куни Сергей Лавров Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашди.